Instagram’да Тошкент аҳолисини ҳақорат қилган фуқаро 10 суткага қамалди

2025 йил 10 февраль куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди Тошкент аҳолисини Instagram орқали ҳақорат қилган 2000 йилда туғилган Н.Х. устидан суд мажлисини ўтказди.

Суд маълумотларига кўра, Н.Х. 5 февраль куни Instagram’да Тошкент аҳолиси ҳақида ҳақоратомуз 3-4 та видео жойлаган. Қиз судда бу ҳаракатини такси ҳайдовчисининг унинг қаердан келгани ҳақидаги саволига жаҳли чиққанидан сўнг амалга оширганини айтди.

У видеоларни 5 дақиқадан кейин ўчирганини, шунингдек, соғлиғи туфайли жаҳлини тез босолмаслигини айтган. Аммо суд уни майда безориликда айбли деб топиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Шунингдек, Н.Х. қамоқда сақланган ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15% харажатларни тўлайди.