Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёра бўйича 50 миллиондан ортиқ киши эпилепсия касаллигидан азият чекмоқда ва кейинги даврда улар сони йилига 5 миллион нафарга ортмоқда.
Бу патология бош миянинг сурункали хасталиги саналади. У 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади. Бироқ эпилепсия ҳар доим ҳам яққол аломатлар билан намоён бўлмайди ҳамда хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини пасайтиради. Оқибатда турли асоратлар келиб чиқиши мумкин.
Фотостимуляция — касалликка ташхис қўйишнинг асосий усулларидан бири. Бу жараёнда тиббий технология ёрдамида бемор кўзига ёрқин нур чақнашлари йўналтирилади.
Аммо мазкур усул фақат фотосенситив эпилепсияни аниқлашда қўл келади. Хасталикнинг ёруғликка сезувчанлиги бўлмаган турига ташхис қўйишда эса янги диагностика усулларига эҳтиёж бор эди.
Россиянинг Болтиқ федерал университети ҳамда Н.И. Пирогов номидаги миллий тиббий жарроҳлик маркази олимлари электроэнцефалография таҳлилининг янги усулини ишлаб чиқди. Бу жараёнда сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилади.
Тадқиқотчилар янги турдаги текширувни 108 нафар кишида синовдан ўтказди. Уларнинг ярми фотосенситив бўлмаган эпилепсия билан оғриган беморлар, қолган қисми эса соғлом инсонлар эди.
Маълум бўлишича, янги таҳлил усули эпилепсиянинг фотосенситив бўлмаган турига 71 фоиз аниқликда ташхис қўйиш имконини беради. Келгусида мазкур янгилик кенг қамровда синовдан ўтказилиши кутилмоқда.