15-февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 ёшли маҳкум М.П.нинг жасади чиқди, деб ёзади Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ўз фейсбук саҳифасида. Унга кўра, Фарғона шаҳар Темурмалик кўчасида яшаувчи Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли билан шу йилнинг 26-28-январ кунлари узоқ муддатли учрашувларда бўлган.
Марҳум спортчи бўлган ва ҳеч қандай касаллиги бўлмаган
21 ёшли фуқаро спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби, болалигидан мазкур спорт тури билан шуғулланган. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган, унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган. Нигора опа безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғлининг шу йил августида манзил колонияга чиққанини ва келин қидирганини айтган Ташанов билан суҳбатда.
Олмалиқдаги манзилли колониядан 21 ёшли маҳкумнинг жасади чиқди
Аммо колония маъмуриятининг таъкидича, 14-февраль куни маҳкумда миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган. Аммо Нигора опа фарзандининг баданинида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилади.
“Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норгул боласининг ўлиғини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қиливеринг!”, — деб ёзган инсон ҳуқуқлари фаоли.
Суриштирув бошланган
ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, айни пайтда воқеа Омбудсман ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганилмоқда. Бу бўйича расмий хабар берилади.