АҚШ ва Канададан халқаро олимлар гуруҳи интернетда смартфон орқали серфинг қилиш вақтини камайтириш руҳий соғлиқни яхшилаши, бахт ҳиссини ошириши ва диққатни жамлаш қобилиятини кучайтиришини исботлади. Тадқиқот PNAS Nexus илмий журналида эълон қилинди.
Экспериментда 467 нафар иштирокчи қатнашди. Улар смартфонларига интернетга киришни икки ҳафтага блоклайдиган дастурни ўрнатишди. Синовлар бир ой давом этди.
Иштирокчилар икки гуруҳга ажратилди: биринчиси дастлабки икки ҳафтада интернетдан воз кечди, иккинчиси эса кейинги икки ҳафтада. Экспериментнинг мураккаблигига қарамай (467 кишидан фақат 119 нафари 10 кундан кўпроқ интернетсиз қолишга муваффақ бўлди), натижалар ҳайратланарли бўлди.
Интернетдан воз кечиш экран олдида ўтказиладиган вақтини деярли икки баробарга қисқартирди — ўртача 314 дақиқадан 161 дақиқагача. Иштирокчилар ўзларини яхшироқ ҳис қилишганини ва руҳий соғлиғи сезиларли даражада яхшиланганини таъкидлашди.
Бундан ташқари, диққатни жамлаш қобилияти шунчалик яхшиландики, бу миянинг 10 йилга ёшаришига тенг деб баҳоланди. Шунингдек, иштирокчиларда депрессия белгилари антидепрессантлар қабул қилишга нисбатан кучлироқ даражада камайди.
Қизиғи шундаки, интернетдан дастлабки икки ҳафтада воз кечган иштирокчилар тўрт ҳафта ўтганидан сўнг ҳам яхшиланган руҳий ҳолат ва яхши кайфиятни сақлаб қолишган.
Олимлар бу ижобий таъсирларни бир нечта омиллар билан изоҳлашади:
✅ Ҳаётдаги ҳақиқий фаолликнинг ортиши
✅ Медиа истеъмолига сарфланадиган вақтнинг камайиши
✅ Жамият билан алоқаларнинг яхшиланиши
✅ Ўз-ўзини назорат қилиш ҳиссининг ошиши
✅ Уйқу сифати яхшиланиши
«Бизнинг натижаларимиз шуни кўрсатадики, ҳатто смартфондан вақтинчалик воз кечиш ҳам руҳий соғлиқ ва когнитив функциялар учун жуда катта фойда келтириши мумкин», — дейилади тадқиқот муаллифлари хулосасида.
Тадқиқот смартфон ва интернетга қарамлик замонавий инсоннинг фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Шу сабабли, олимлар вақти-вақти билан интернетда ўтказиладиган вақтни қисқартиришни тавсия қилишмоқда. Бу эса ҳаёт сифатини ошириш ва руҳий соғлиқни сақлашга ёрдам беради.