Амазониядаги шаҳар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди

Бразилия Амазониясининг шимол-шарқида жойлашган Буритикупу шаҳри йўқолиб кетиш хавфи остида қолди. Сўнгги ҳафталарда кучли ёмғир ва кўчкилар туфайли ер юзасида бир неча ўн метргача чуқурликлар ҳосил бўлган. Шу сабабли маҳаллий ҳокимият фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Ҳозирда тахминан 1200 нафар киши яшайдиган уйлар қулаши хавфи остида, шаҳарнинг умумий аҳолиси эса 55 000 кишини ташкил қилади. Шаҳар ҳокимияти томонидан шу ойда қабул қилинган қарорга кўра, ердаги ёриқ ва чуқурликлар сўнгги ойларда жадаллик билан ўсиб, турар-жой ҳудудига яқинлашиб қолган. Ҳатто айрим бинолар аллақачон вайрон бўлган.

Буритикупуда «восорока» деб аталувчи чуқурликлар ҳосил бўлиши муаммоси сўнгги ўттиз йилдан бери мавжуд. Ёмғирлар таъсирида қумтош қатламлари юмшаб, ер устуворлигини йўқотмоқда. Шунингдек, назоратсиз қурилиш ва ўрмонларни кесиш жараёни ҳам бу ҳолатни янада кучайтирган.

Федерал Мараньян университети географи ва профессори Марселин Фариаснинг таъкидлашича, бундай жараёнлар айниқса кучли ёмғирлар мавсумида тезлашади. Агар бу ҳолат давом этса, Буритикупу шаҳри 20–30 йил ичида тўлиқ йўқ бўлиб кетиши мумкин.