Канаданинг Торонто шаҳрида ўтаётган Халқаро тоғ-кон саноати конференциясида Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) ўз имкониятларини намоён этмоқда.
Анжуман доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон куни” тадбирида мамлакатимизнинг минерал ресурслари ва саноат салоҳияти ҳақида тақдимотлар ўтказилди. ЎзТМК бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев халқаро бозорда технологик металларга талаб ошиб бораётганини ва Ўзбекистон бу соҳада стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбир давомида ЎзТМК делегацияси қатор йирик хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борди. Учрашувларда 20 та критик минерал бўйича 50 дан ортиқ йирик лойиҳа амалга оширилаётгани, саноатдаги янги технологиялар, минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, халқаро инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Бу анжуман халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги технологиялар трансфери ва инновацион лойиҳаларни ишга тушириш учун муҳим платформадир. Ўзбекистон критик металлар бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун барча имкониятларга эга ва биз бу соҳадаги инвестиция муҳитини янада ривожлантиришга тайёрмиз”, дея таъкидлади ЎзТМК бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев.

Ҳозирда хорижий компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда, музокаралар жараёнида истиқболли келишувларга эришилмоқда.
