Бундан ташқари, фуқароларни Олтой ўлкасидаги қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо соҳаларидаги ишларга қамраб олиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Россия компанияси ўзбекистонлик ҳайдовчиларни ишга жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Ростов-Дон шаҳри Транспорт департаменти директори Вадим Шкабарня ва йирик транспорт компаниялари раҳбарлари билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Иш берувчиларнинг таъкидлашича, корхонада жами 650−700 та йўловчи автобуси мавжуд бўлиб, автобус ҳайдовчиларининг етишмаслиги 40% ни ташкил этади.
Ишчи кучига бўлган талабни тўлдириш мақсадида “D” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга 100 нафар ҳайдовчини ишга олиш режалаштирилган. Бунинг учун компания ўзбекистонликларни жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондан келиб ишлаётганлар ҳақида ижобий фикрлар мавжуд. Учрашувда иш берувчи билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси билан Россиянинг Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти ва салоҳиятли иш берувчилар ўртасида онлайн музокара ўтказилди.
Олтой ўлкаси ҳукумати раиси ўринбосари, Россиянинг минтақавий иқтисодий ривожланиш вазири Евгений Дешевих ўзбекистонликларни ўлканинг турли корхоналарида меҳнатга жалб этиш масаласига эътибор қаратди.
Унинг айтишича, 2024 йил охирида Олтой ўлкасига ишга таклиф этилган 11 минг нафар хорижий ишчининг 6 мингдан ортиғи, ўтган йили берилган меҳнат патентларининг учдан икки қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон бош консули Аслом Акбаров фуқароларни корхоналар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ташкилотларида иш билан таъминлашда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Олтой иш берувчилари билан тузилган меҳнат шартномасининг барча шартларига қатъий риоя этиш зарурлигига тўхталиб ўтди.