Озода Нурсаидова актрисани автомобиль босиб кетиши воқеасига муносабат билдирди

Аввалроқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суръатга олиш жараёнида актриса Сабрина Жабборовани автомобиль босиб кетгани, шундан сўнг у ёрдам сўраб пост қолдиргани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан хонанданинг ўзи тушунтириш берди.

Озода Нурсаидова унинг клипи съёмкаси давомида бундай ҳодиса рўй берганини тан олди ва воқеа содир бўлганда суратга олиш майдончасида бўлмагани, воқеа ҳақида ўзи ҳам телефон қўнғироғи орқали хабар топганини айтди.

“Клипни съёмка қилиш жараёни қаддай бўлиши ҳақида бир нарсани айтиб ўтишим керак. Хонанда буюртмачи. Суратга олиш гуруҳи йиғилади. Ҳар бир одамнинг ўз вазифаси бор. Съёмка қилинади. Санъаткорга берилади. Жараёнда қатнашган ҳар бир одам учун, актриса бўлсин, “моссовка” бўлсин, техник гуруҳ бўлсин, уланинг хавфсизлиги учун мен жавоб бермайман”, деди Нурсаидова

Шунингдек, у актрисага ёрдам кўрсатилгани ва шу кунгача шахсан ўзи томонидан ёрдам кўрсатилиб келинаётганини айтди.

“Майли, миннат бўлмасин, менинг администраторим бир ой давомида Сабринанинг уйида деярли яшади. Бир ой яшади. Шифохонада ҳамма ёрдам кўрсатилди. Нафақат мен, балки бутун суратга олиш гуруҳи томонидан. Ҳамма қўлидан келганча ёрдам қилди”, деди Озода Нурсаидова.

Хонанда актриса Сабрина Жабборованинг операцияси нотоғри қилингани ва бунинг оқибатида унинг бир оёғи калта бўлиб қолгани ҳақидаги гапни ҳам биринчи марта эшитаётганини таъкидлаган.

“Январь ойида Сабрина туриб, съёмкаларга бораётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Янги йилда ҳам бориб табриклаб келишди. Биз Сабрина оёққа турибди деб хурсанд бўлдик. Март ойида ҳам  Сабринага бериладиган ёрдамни бериб келишди. Бундай гап йўқ эди. Мана кеча яшин тезлигида бунақа маълумот тарқаляпти”, дейди Нурсаидова.

Шу билан бирга, хонанда бу ерда айтилмаётган бошқа бир важлар, тафсилотлар ва аралашиб қолаётган кучлар борлигини айтди. У булар ҳақида келгувси бир чиқишида айтиши ёки терговга маълум қилишини билдирди.

“Албатта, бўлган воқеадан жуда ҳам афсусдаман. Яхши иш бўлмади. Бахтсиз воқеа бўлишидан қатъи назар ҳеч бир онага кўрсатмасин фарзандини бу ҳолда кўришни. Ўйлайманки, бу нарсага адолат тарафдан ёндашилади. Ҳар бир одам нотўғри иши учун жазосини олади”, деди Нурсаидова.