Қирғизистонда содир бўлган зилзила оқибатида 39 та бино шикастланди

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси содир бўлган зилзила оқибатида 39 та бино шикастланди. Зарар кўрган объектлар орасида турар-жой бинолари, мактаблар, болалар боғчалари ва поликлиника ҳам бор, дея хабар бермоқда zamon.uz.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, зилзила эпицентрида ер силкиниши 4,9 баллни ташкил қилган.

“Табиат ҳодисаси натижасида бир қатор турар-жой ва ижтимоий объектларга зарар етказилди. Яхшиямки, инсон ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатлар кузатилмади”, — дейилади расмий баёнотда.

Янгиланган маълумотларга кўра, 25 та турар-жой биноси шикастланган, улардан бири “яшаш учун хавфли” деб топилган. Шунингдек, 12 та мактаб, болалар боғчаси ва поликлиникага зарар етган.

Ҳозирда зилзила оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилди.