Тайландда туристлар учун визасиз қолиш муддати 30 кунга қисқартирилади

Тайланд ҳукумати туристлар учун визасиз қолиш муддатини 60 кундан 30 кунга қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Визасиз режимнинг қисқартирилиши ноқонуний меҳнат фаолиятига қарши кураш доирасида амалга оширилмоқда. 2024 йилда 40 та компания ноқонуний иш фаолияти билан шуғуллангани аниқланган, шунинг учун уларнинг туристик бизнес билан шуғулланиш ҳуқуқи бекор қилинган. Шунингдек, Пхукетда 15 та туристик фирманинг лицензияси қайтариб олинган.

Туроператорлар визасиз режим муддатини қисқартириш масаласидан ташвиш билдирмоқда. Қарор расмий эълон қилиниши олдидан ҳукумат бу ўзгаришларни қонунчилик даражасида муҳокама қилади.