Тошкентдаги Magic City’нинг эгаси яна ўзгарди

Миллий боғ ҳудудининг деярли 21 гектар қисмига эгалик қилувчи “Stargate Systems” МЧЖнинг 86,2 фоизи “Xonadon taomlari” МЧЖга ўтказиш бўйича ариза қаноатлантирилди ва битимларга розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, рақобат қўмитаси томонидан “Xonadon taomlar” МЧЖ “Stargate Systems” МЧЖнинг 86,2 фоиз улушларини олиш бўйича аризаси кўриб чиқилган ва ариза қаноатлантирилган.

“Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битимлар бозорда рақобатга таъсир кўрсатмаслиги бўйича хулосага келинди ва аризани қаноатлантириш ва битимларга розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди”, дейилади хабарда.

KTYADR (корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри) маълумотларига кўра, “Stargate Systems” 2005 йилда ташкил этилган ва истироҳат боғларини бошқариш билан шуғулланади. Компаниянинг устав капитали 426,94 млрд сўмни ташкил этиб, унинг 86,2 фоизи 2019 йилда ташкил этилган Tashkent Aquariumʼга тегишли.

Яна 13,8 фоизга Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси) ўғли Алишер Абдужабборович Абдувоҳидов эгалик қилади. У устав фонди 57,04 млрд сўмга тенг бўлган Tashkent Aquariumʼнинг ягона эгаси ҳисобланади. Компанияларнинг юридик манзили ҳам бир хил.

“Xonadon taomlari” 2023 йил охирида ташкил этилган бўлиб, ресторан бизнеси ва етказиб бериш соҳасида фаолият юритади. 50 млн сўмлик устав капиталига эга компаниянинг ягона таъсисчиси Фирдавс Муҳамадиев, раҳбари эса Бекзод Абдумажидов ҳисобланади. Компания саҳифасидаги алоқа телефони ва электрон почта манзили Tashkent Aquarium билан бир хил.