Ўзбекистонда хонаки парранда наслчилиги йўлга қуйилади

Айни кунларда “Паррандасаноат“ уюшмаси ва паррандачилик корхоналари раҳбарларидан иборат делегация Чехияда хизмат сафарида бўлиб турибди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Чехиянинг Dominant CZ компанияси билан Ўзбекистонга хонаки парранданинг янги кросини олиб келиш борасида музокаралар ўтказмоқда.

Шунингдек, сафар давомида келгусида компаниянинг паррандачилик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, малака ошириш, мутахассислар алмашиш ва илмий тадқиқот ишларида ҳамкорликни ўрнатиш масалаларини ҳам муҳокама қилинмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПК 34 сонли қарорига асосан “Парранда боқиш — даромад олиш“ лойиҳаси доирасида республикамизда кооперация асосида аҳоли ва хўжаликлар ўртасида паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, самарали фаолият юритиш учун зарур шароитларни яратиш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш кўзда тутилган.


Жорий йилда Навоий, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида Dominant кроссли Парранда наслчилик хўжаликлари ташкил этилади.
Бу эса мамлакатимизда паррандачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш,кооперация тизимини янада кенгайтириш баробарида ички бозорда сифатли маҳсулот етказиб бериш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.


Dominant CZ– Чехияда парваришланадиган гибрид товуқ зоти бўлиб, хонаки паррандалар ичида қўш маҳсулдор ҳисобланади яъни гўшт ва тухум йўналишида ўзининг юқори ҳосилдорлиги билан машҳур. У йилига 290-320 дона тухум қўяди, турли иқлимларга осон мослаша олади ва касалликларга чидамли. Энг машҳур турлари: Dominant Sussex (оқ-қора), Dominant Brown (жигарранг) ва Dominant Blue (кўк). Фермерлар ва шахсий хўжаликлар учун жуда яхши танлов ҳисобланади.