Хабарингиз бор, ҳозирда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува туманидаги 37-мактабда мажбурий овоз бериш ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатлар тегишли ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам ушбу мактабда ходимлар мажбурий овоз беришга жалб этилгани тасдиқланган.
Шу муносабат билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мазкур мактабда мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш юзасидан тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборилди.
Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли буджет” жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш — мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган. Агар Сиз овоз тўплашга мажбурлаш ҳолатларига дуч келсангиз, зудлик билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
Ўз овозингизни қадрланг, уни фақат ўзингиз муносиб деб билган лойиҳага беринг!