Марказий банк фуқароларни ёлғон хабарлардан огоҳлантирди

Фирибгарлар томонидан фуқароларнинг ишончига кириш учун Telegram мессенжери орқали Марказий банк рамзий белгилари акс эттирилган сохта профиллардан қалбаки гувоҳнома ва ҳужжатлар расмларини юбориш ҳолатлари учрамоқда.

Марказий банкнинг маълум қилишича, фуқароларнинг кўчилиги ёлғон хабарларга алданиб, фирибгарларга ўзининг шахсга доир ва банк карта маълумотлари ҳамда бир марталик тасдиқлаш кодларини (OTP) бериши, шунингдек, телефон қурилмасига зарарли иловаларни ўрнатиши натижасида банк карталаридаги пул маблағларидан айрилиб қолиш ҳолатлари кўпайган.

Шу муносабат билан юқорида кўрсатилган сохта профиллардан хабарлар келса, мулоқотга киришмаслик, юборилган шубҳали ҳаволаларни босмаслик, зарарли (APK) иловаларни телефонга ўрнатмаслик ҳамда ушбу фойдаланувчини “блоклаб қўйиш” тавсия этилади.

Шунингдек, Марказий банк бу каби хабарлар ва аккаунтларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.