SuperJob иш қидириш хизмати томонидан ўтказилган «Куръер индекси» тадқиқотига кўра, 2025 йил март ойида Москвада куръерлар учун ўртача маош 130 минг рублни ташкил этган бўлса, олий маълумотли мутахассислар учун бу кўрсаткич 105 минг рублни ташкил этган, деб ёзмоқда RBC.
Курйерлар бу борада врачлар, журналистлар ва ҳатто IT дастурчилардан ҳам кўпроқ маош олишмоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, куръерлар учун маош таклифлари 2024 йил давомида 41 фоизга ошган. Ўртачалаштирилган қийматдаги маош олий маълумотли мутахассисларникидан 19 фоизга, олий маълумотсиз мутахассисларникидан эса 38 фоизга юқори бўлган.
Бу борада ўртачалаштирилган (медиан) маош кўрсаткичи ишончлироқ ҳисобланади, чунки у ўртача маошга таъсир этувчи экстремал қийматларга сезгир эмас. Россияда 2024 йил якуни бўйича ўртача маош 87 минг 952 рублни ташкил этган.
Бутунроссия илмий тадқиқот институти Меҳнат бўлими бош директори Владимир Смирновнинг таъкидлашича, битта касб бўйича медиан маошни барча ходимлар учун ўртача маош билан солиштириш тўғри эмас. Унинг фикрича, иш берувчилар ёш аудиторияни жалб қилиш мақсадида максимал даромад даражасини кўрсатади. Бу эса касбий ўсиш, ўзини намоён қилиш ва меҳнат шароитлари каби имкониятларга эга бўлмаган лавозимлар учун хосдир. Бошқа томондан, юқори малакали мутахассислар учун эълонларда кўпроқ «маош фалон рублдан бошлаб» сўзлари кўрсатилади, бу эса музокаралар учун очиқ бўлиб, амалдаги даромадни оширишга олиб келади.
Курйерлар маошининг ошиши бундай хизматларига бўлган талабнинг ўсиши ва ишчи кучи танқислиги туфайли кузатилмоқда. «Авито Работа» хизмати маълумотларига кўра, ўтган қишда автомобилдаги курйерлар учун ўртача маош таклифлари ўтган йилгига нисбатан 68 фоизга ошган ва 130,3 минг рублни ташкил этган. Шунингдек, самокатдаги куръерлар учун ўртача маош таклифлари 12 фоизга ошган ва 66,5 минг рублни ташкил этган. Аммо, ҳақиқий даромадлар бажарилган буюртмалар сони, иш жадвали ва ҳудудга боғлиқ.
«Яндекс» хизматлари маълумотларига кўра, 2024 йилда Россияда куръерларнинг ўртача даромади 91,7 минг рублни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 18,1 фоизга юқори. Москвада эса ўртача даромад 110,3 минг рублни ташкил этган. 2025 йил феврал ойига келиб бу кўрсаткич 114,6 минг рублга етган. Даромадлар электрон тижоратнинг ривожланиши ва мавсумийликка боғлиқ. Масалан, декабр ойида буюртмалар сони кўпаяди, чунки одамлар Янги йил байрамига тайёргарлик кўришади.
«Вкусвилл» компаниясида фаол ишловчи куръернинг ўртача кунлик даромади 5-7 минг рублни ташкил этади. Даромад етказиб бериш масофаси, буюртма ҳажми, кун вақти, бажарилган буюртмалар сони ва фойдаланиладиган транспорт турига боғлиқ. Ҳар бир етказиб берилган буюртма учун ҳақ 90 дан 350 рублгача ўзгаради. Ўтган йил давомида етказиб берилган буюртмалар сони 22 фоизга ошган, бу куръерлар даромадининг ошишига таъсир қилган.
«Ozon» платформасида куръерлар ўз иш сменаларини мустақил танлаш имкониятига эга. Бу уларга юқори талаб мавсумларида ишлашга ва қолган вақтларда бошқа ишлар билан шуғулланишга имкон беради.
Россия Транспорт-логистика ва почта-куръер компаниялари ассоциацияси президенти Александр Митюковнинг баҳолашича, Россияда курьернинг ўртача ойлик даромади тахминан 90 минг рублни ташкил этади. Унинг таъкидлашича, бу кўрсаткич йилдан-йилга қарийб 20 фоизга ошиб бормоқда.
Куръерларга бўлган талабнинг ўсишига қарамай, олий маълумотли мутахассисларнинг куръерликка ўтиши эҳтимоли паст. Айни вазият 1990-йиллардаги вазиятдан фарқ қилади, ўшанда маошларнинг ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ муаммолар туфайли дипломли одамлар савдо соҳасига ўзини урган эди.
SuperJob маълумотларига кўра, куръерлик соҳасидаги бўш иш ўринлари сони Россия бўйича йил давомида 7 фоизга ошган.