20-март куни Андижон халқаро аэропорти «Силк Авиа» авиакомпаниясининг биринчи йўловчи рейсини қабул қилди. УС601 рейси Тошкент вақти билан соат 12:13 да 63 йўловчи билан қўнди. Самолётнинг келиши анъанавий тарзда сув аркаси ва карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Аэропорт ҳозирда Тошкентдан Андижонга ҳафтада икки марта, сешанба ва пайшанба кунлари АТР-72-600 самолётлари билан парвозларни амалга оширади. Келгусида халқаро рейсларни қайта тиклаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон аэропортида 15-март куни реконструкциянинг биринчи босқичи якунланди. Янги учиш-қўниш йўлаги ва перрон қурилиши тамомланди, бу эса аэропортнинг халқаро рейсларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради.