Бойсундаги газ конида водород сулфидининг отилиши юз берди. Бу ҳақда энергетика вазирлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 27 март куни кеч соат 21 лар атрофида “М-25” газ конидаги 202-сонли қудуқда водород сулфидининг отилиши юз берган. Табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилди.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси етиб борган.
Шунингдек, ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб келган.
Айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.
«Алоҳида таъкидлаш лозимки, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспексияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган», дейилади ввазирлик хабарида.
Ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақдаги батафсил маълумот ишлар якунланганидан сўнг маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, “М-25” газ конини ўзлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга бўлиб, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланиб, кучайтирилган назорат чоралари амалга оширилмоқда, дея таъкидлайди вазирлик.
Эслатиб ўўтамиз, Бойсундаги газ конида техноген вазият 2024 йил сентябрда бошланганди. Оқибатда бир неча киши ҳалок бўлди.