Telegram мессенжери Россияда 7 миллион рубл миқдорида жаримага тортди

Москвадаги Таганск туман суди Telegram мессенжерини Россияда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ва ҳокимиятни ағдаришга чақирувлар бўлган каналларни ўчирмагани учун 7 миллион рубл миқдорида жаримага тортди.

ТАСС агентлигида қайд этилишича, Роскомнадзор Telegramʼга темир йўл транспортида терактлар уюштириш орқали Украина Қуролли Кучларига ёрдам бериш, шунингдек, ҳукуматга қарши митингларга чиқишга чақирувлар мавжуд бўлган каналларни ўчиришни буюрган. Аммо мессенжер мазкур талабларни бажармаган.

2025 йил февраль ойи ҳолатига кўра, махсус ҳарбий операция (СВО) бошланганидан буён Россия судлари Telegramʼни жами 63,4 миллион рубл миқдорида жаримага тортган. Бу жарималар қуйидаги маъмурий моддалар асосида белгиланган:

  • 13.41 модда — тақиқланган маълумотни ўчирмаслик;
  • 13.50 модда, 2-қисм — ўз-ўзини модерация қилиш мажбуриятини бажармаслик;
  • 19.7.10-4 модда — Роскомнадзор кўрсатмаларини бажармаслик.

7 апрель куни «ВЧК-ОГПУ» Telegram канали ўчирилгани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу канал (Россия Адлия вазирлиги томонидан хорижий агент деб тан олинган) 1,1 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлиб, Россиядаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва амалдорлар ҳақида маълумотлар эълон қилиб келарди.

Канал эгалари уни Telegram маъмурияти ўчирганини, эҳтимол, суд қарорига мувофиқ содир бўлганини маълум қилишган. Telegram эса расмий баёнотида канал «эгаси томонидан, эҳтимол, ноқонуний кириш натижасида ўчирилган» деб билдирган.