Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) Eвропа илғор углерод ва графит материаллари уюшмасининг тўлақонли аъзоси бўлди. Шу вақтга қадар уюшмага дунёнинг 33 та мамлакати аъзо бўлиб, улардан 14 таси тўлақонли аъзо ҳисобланади.
Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ҳам ассоциациянинг тўлақонли аъзоси бўлгани мамлакатнинг технологик металлар соҳасидаги имкониятлари, минтақавий етакчилик позицияси ва илмга асосланган саноат ёндашуви халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланганини англатади.
Европа илғор углерод ва графит материаллари уюшмаси Европанинг энг илғор технологик марказлари, саноат етакчилари ва илмий-тадқиқот институтларини бирлаштирган нуфузли платформадир. Уюшма фаолияти асосан графит, углерод материаллари ва уларнинг саноатда қўлланилишига йўналтирилган.
Ушбу уюшма аъзолиги Ўзбекистон технологик металлар комбинатига қуйидаги йўналишларда реал имкониятлар яратади:
Европанинг етакчи илмий марказлари, лабораториялари ва саноат кластерлари билан доимий ҳамкорлик;
Графит ва углерод материаллари бўйича илғор технологиялар трансфери ва уларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш;
Халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш дастурларида иштирок;
Инновацион тадқиқотлар ва ишлаб чиқиш лойиҳаларида бевосита иштирок;
Яшил технологиялар ва экологик барқарорлик йўналишларида тажриба алмашинуви ва халқаро ёндашувларни жорий этиш.
“Компаниянгизни ушбу нуфузли уюшмадаги аъзолик билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Биз бошланган ҳамкорлик алоқаларини юксак қадрлаймиз ва унинг келгусида янада мустаҳкамланишига ишонамиз. Aгар биргаликдаги ҳамкорлигимиз изчил давом этса, бу Европа Иттифоқи учун стратегик ресурслар таъминотида муҳим ўрин эгаллаши мумкин деб ҳисоблаймиз. Ушбу платформа технологик тараққиёт, саноат интеграцияси ва билим алмашинуви борасида катта имкониятлар яратади”, – дейди уюшма бош котиби Корина Ҳебестрейт.
Маълумот учун, Ўзбекистон технологик металлар комбинати бундан аввал Халқаро волфрам саноати ассоциациясига аъзо бўлган Марказий Осиёдаги биринчи компания бўлган эди.