Масалан, Шаҳло Р. отасининг кредити бўйича биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этган – отаси дала ҳовлига қатнаши учун автокредит расмийлаштириб, автомашина сотиб олган. Отанинг вафотидан сўнг, машина билан бирга кредитни тўлаш мажбуриятлари ҳам қизига ўтди. Шаҳло меросни қабул қилиб, қарзни муддатидан олдин ёпишга киришди. Бу мулкдан воз кечишдан кўра фойдалироқ эди, чунки кредитнинг ярми аллақачон тўланган эди.
Биргаликда қарз олувчилар сифатида кўпинча турмуш ўртоқлар, ота-оналар ва болалар иштирок этади. Агар асосий қарз олувчи вафот этса, у ҳолда кредит биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этган шахс томонидан тўланиши керак.
Ўлимдан кейин кредит ташкилотлари олдидаги барча мажбуриятлар марҳумнинг кўчмас мулкини, автомашиналарини ва бошқа мол-мулкини олган шахсга ўтади, яъни унинг ота-онаси, эри ёки хотини, болалари ва бошқа меросхўрлар (агар васиятнома бўлмаса). Фақат ҳуқуқларни олиб, мажбуриятлардан воз кечиш мумкин эмас. Бошқа одамларнинг қарзларини тўлашдан қочишнинг ягона йўли — меросни қабул қилмаслик ва рад этишни нотариал тасдиқлашдир.
Меросхўрлар ҳар бирига ўтказилган мол-мулк қиймати миқдорида қарздорлар сифатида жавобгар бўладилар.
Кредиторлар меросхўрларга ўз талабларини фақатгина вафот этган шахсдан ўтган мол-мулк қиймати доирасида, яъни ундан ортиқ бўлмаган миқдорда тақдим этишга ҳақлидир.
Меросхўрлар кредиторлар олдида ўз мол-мулки билан жавобгар эмас — қарзларни тўлаш фақат қабул қилинган мерос миқдори доирасида амалга оширилади.
Мисол учун, агар ота ўз мол-мулкининг учдан икки қисмини қизига ва фақат учдан бир қисмини ўғлига васият қилган бўлса, улар отанинг банк олдидаги қарзларини тегишли улушларда тўлашлари керак.
Яна бир ҳолатга мисол қилиб келтириш мумкинки, марҳумнинг қонуний меросхўрлари тенг улушларда турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи ҳисобланади. Қизи марҳумнинг хотини фойдасига меросдан ўз улушини рад этди — бу ҳолда мероснинг учдан икки қисмига хотини, учдан бир қисмига эса ўғли эга ва улар қарзларни ҳам тегишли улушларда тўлашлари керак бўлади.
Амалда, кредитни тўлаш имконияти йўқлиги аниқланган ҳолатлар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу кредит «ймидсиз» деб таснифланади.
Мерос бўлиб ўтмайдиган қарзлар
Қонунга кўра, мерос таркибига мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар кирмайди:
- юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
- ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
- алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
- меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
- мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар (Фуқаролик кодекси саккизинчи боби).
Ушбу турдаги мажбуриятлар васият қилувчи вафот этганидан кейин дарҳол бекор қилинади. Аммо қолган қарзлар мерос бўлиб қолади. Масалан, коммунал тўловлар, вафот этганнинг қарзи (кредит) ёки тўланмаган солиқлар.