Қўнғиротбой Шариповга яна бир вазифа юкланди

18 апрель, шанба куни Спорт вазирлиги мажлислар залида ўтказилган навбатдан ташқари конференцияда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг фаолияти кўриб чиқилди.

Конференция давомида мамлакатда оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлашда талаба-спортчиларнинг ўрни, олийгоҳлардаги мавжуд спорт инфратузилмасининг ҳолати таҳлил этилди.

Билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг раиси этиб сайланди.

Конференцияда бундан буён барча таълим йўналишларидаги 1-босқич талабалари учун 4 кредитли «Жисмоний тарбия» фани жорий этилиши, спорт клублари ва тўгараклар фаолиятини бошқариш учун ягона рақамли платформа ҳамда мобил илова яратилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, ягона электрон платформа орқали мусобақалар тақвими, баҳолаш тизими жорий этилади ва бу «Hemis» дастурига интеграция қилинади.

Олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ҳар бир спорт тўгараги раҳбарини моддий рағбатлантириш ва талабаларга спорт фаоллиги учун имтиёзлар бериш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси 2018 йилда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида мамлакатдаги олий таълим муассасаларида 26 та олимпия спорт тури бўйича 591 та спорт клуби ҳамда 721 та спорт тўгараклари фаолият юритмоқда.