Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 100 ёшида вафот этди

Раҳмат Қобилов – халқ хотирасида мангу қоладиган қаҳрамон.

Каттақўрғон туманининг фахрли нуронийларидан бири, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмат Қобилов 100 ёшида вафот этди.

У 1925 йилда туғилган бўлиб, ёшлигидан оғир шароитларда меҳнат қилган. 17 ёшида фронтга жўнатилган Қобилов 363-танкчилар дивизияси таркибида Полша, Чехословакия ва Австрия ҳудудларидаги жангларда жасорат кўрсатган.

Бир неча бор яраланган бўлсада, сафга қайтган. Ҳарбий хизматни 1950 йилгача давом эттирган. У урушдан кейин колхозда, электр станциясида ва алоқа соҳасида меҳнат қилган. Оилали бўлиб, 10 нафар фарзанд кўрган ва юздан ортиқ невара-чевараларнинг бобоси сифатида эл эътиборига сазовор бўлган.