Ватикан Рим папаси Францискнинг вафоти сабабини эълон қилди

Ватикан томонидан Рим папаси Францискнинг вафоти сабаби расман эълон қилинди. Муқаддас тахт раҳбари мия инсульти туфайли вафот этгани маълум қилинди. Унга инсульт натижасида кома ҳолати ва юрак фаолиятининг тўхташи юз берган. Понтификнинг вафоти электрокардиограмма орқали тасдиқланган.

🔸 Ватикан Соғлиқни сақлаш ва гигиена бошқармаси раҳбари Андреа Арканджели қуйидагиларни маълум қилди:

“Муқаддас Франциск (Хорхе Марио Берголио) 2025 йил 21 апрель куни эрталаб соат 7:35 да (Тошкент вақти билан 10:35) Ватикан ҳудудидаги Муқаддас Марта уйидаги ўз хонасида мия инсульти ва юрак-қон томир тизимининг қайта тикланмас коллапси оқибатида вафот этди”.

🔬 Мутасаддининг қўшимча қилишича, понтификнинг соғлиғи бир қанча омиллар билан мураккаблаштирилган. Улар орасида:

  • оғир нафас етишмовчилиги билан кечган икки томонлама кўп микробли зотилжам,
  • кўплаб бронхоэктазик ўзгаришлар,
  • II тур диабет,
  • юқори қон босими мавжуд бўлган.

88 ёшида вафот этган папа Франциск 23 март куни, 40 кунга яқин давом этган зотилжамдан даволаниб, касалхонадан чиққан эди. Даволаниш жараёнида у икки марта ўлим ёқасига келиб қолган, бироқ шифокорлар уни реанимация қилишга муваффақ бўлишган.