Энди таълим давлат тилида бўлмаган синфлар битирувчилари ўзбек тилида мажбурий имтиҳон топширади

Ўзбекистонда энди таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 22 апрель куни тегишли буйруқ чиқарди.

Унга кўра, умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Бунда ушбу рўйхатга таълим тили ўзбек бўлмаган мактаблар учун давлат тили мажбурий фанлар блокига киритилади.

Якуний аттестацияда кузатув кенгаши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашишлари мумкин.

Хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчи якуний аттестация топшириладиган фандан озод этилади. Бунда, хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ҳилола Умарова Ўзбекистонда энди таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топшириши ҳақида 2025 йилнинг февралида маълум қилганди. Вазирнинг 20 февралдаги буйруғи билан умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиш тартиби белгиланди.

Мазкур ҳужжатга асосан умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхати ва имтиҳон ўтказиш шакллари, умумтаълим фанлари ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланди.

Унга кўра, 9-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:

она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан — ёзма;

давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун) фанидан — ёзма;

математика фанидан — ёзма;

Ўзбекистон тарихи фанидан — ёзма/оғзаки;

жисмоний тарбия фанидан — амалий шаклда ўтказилади.

11-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:

она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан — ёзма;

давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун)дан — ёзма;

математика (асосий) / математика (чуқурлаштирилган) фанидан — ёзма;

тарих фанидан — ёзма;

Ўқувчининг танлови бўйича:

она тили ва адабиёти (қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилида таълим бўлган синфлар учун), биология, физика, кимё, давлат ҳуқуқ асослари, география фанларидан — ёзма;

чет тили фанидан ёзма/оғзаки шаклда ўтказилади.

Вазирнинг янги буйруғи эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга кирди.