“Янги Ўзбекистон” университети фаолияти такомиллаштирилади

28 апрель куни Президентнинг “Янги Ўзбекистон” университети фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарори (ПҚ–151-сон) қабул қилинди.

Қарорга асосан, иқтидорли ёшлар ва малакали профессор-ўқитувчилар учун илмий мактаблар шакллантирилади. Тиббиёт соҳасида таълим, амалиёт ва тадқиқот фаолияти уйғунлаштирилади.

Университет ҳузурида Илғор билим ва тажриба трансфери маркази ташкил этилади. 2025/2026 ўқув йилидан магистратура талабаларига давлат гранти ажратиш тартиби жорий этилади.

2027 йил 1 декабргача университет учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилади.

Қарорга мувофиқ, университетда техника ва тиббиёт соҳаларидаги илмий тадқиқотлар грант асосида молиялаштирилади. Йирик лойиҳалар халқаро тан олинган таълим муассасаларининг хулосаси асосида молиялаштирилади.

Шунингдек, университетда Германия олий таълим муассасалари ҳамкорлигида тиббиёт факультети ташкил этилади.