Махачқалъада номаълум шахслар полиция ходимларига қарата ўқ узди: уч киши ҳалок бўлган

Махачқалъа шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг йўл-патрул хизмати бўлинмасига қуролли ҳужум уюштирилди. Доғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 14:20 атрофида содир бўлган: икки номаълум шахс полициячиларга қарата ўт очган, натижада уч нафар зобит ҳалок бўлган.

Жиноятчилар ўғирланган хизмат машинасида воқеа жойидан қочиб кетишган. Шаҳарда “Тўхтатиб туриш” тезкор режаси жорий қилинган бўлиб, қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалига Махачқалъа расмийлари ва республика раҳбари Сергей Меликов ҳалок бўлганлар сонини аниқламаган ҳолда фақат отишма ва қурбонлар борлигини тасдиқлади. Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги 3 нафар полициячининг ўлими ҳақида расман маълум қилди.

Воқеа гувоҳлари ижтимоий тармоқларда, эҳтимол воқеа жойидан олинган отишма акс этган видеони тарқатишди. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.