Булунғур туманидаги боғчада гўшт йўқлиги айтилмоқда

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотида икки кун давомида болаларга гўштсиз таом тайёрланган. Бу — маҳсулот етказиб берувчи корхона билан ҳамкорлик тўхтатилгани, боғча раҳбарияти эса бу ҳақда туман бўлимига ўз вақтида хабар бермагани сабабли юз берган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаси маълум қилди.

Аниқланишича, боғчага 2024 йил апрель ойидан бери гўштни “Табассум Иқбол таъминот” МЧЖ етказиб келган. Бироқ 1 майдан бошлаб корхона таъминотни тўхтатган. Шу куни боғча омборида қолган 3,2 кг мол гўшти ва 12 кг товуқ гўшти ҳисобидан 193 нафар бола учун таом тайёрланган.

Аммо боғча директори, ҳамшираси ва омбор мудири маҳсулот етказиб бериш тўхтатилганини туман бўлимига расмий хат билан билдиришмаган. Натижада 2 ва 5 май кунлари болаларнинг овқатида гўшт бўлмаган.

Ўрганиш натижаларига кўра, масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.

Қайд этилишича, 5 май куни кечқурун “Нурли йўл Лайло маркет” хусусий корхонаси томонидан боғчага гўшт етказиб берилган ва 6 майдан бошлаб болаларнинг овқати яна тўлиқ таркибда тайёрланмоқда.