14 май куни Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон меҳнат армияси жангчиларининг жасорати” номли ҳужжатли архив кўргазмаси очилди.
Тадбир “Ўзархив” агентлиги, “Ғалаба боғи” мажмуаси ва Россиянинг Перм ўлкасидаги бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда архив соҳаси вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, маҳалла фаоллари ҳамда уруш фахрийлари иштирок этди.

Кўргазмада 1942–1943 йилларда Ўзбекистон ССРдан СССР халқ хўжалиги тармоқларига сафарбар этилган меҳнат армияси жангчиларининг фидокорона фаолияти акс эттирилган. Жумладан, улар қурол-яроғ ишлаб чиқариш, кўмир қазиб олиш, ёғоч тайёрлаш каби ишларда иштирок этган.

Кўргазма 16 та стенддан иборат бўлиб, уларнинг бир қисми ўзбекистонликларнинг уруш давридаги меҳнатига, яна бир қисми эса Перм вилоятидаги саноат корхоналаридаги ҳаётига бағишланган. Тадбир давомида Ўзбекистон ва Перм архивлари ўртасида ҳамкорликни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур кўргазмани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам намойиш этиш режалаштирилган.