Уста деҳқонларга субсидия ажратилади

2025 йил 13 майдаги 317-сонли Ҳукумат қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан грант, субсидия, кредит ва лизинг ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Ушбу низом деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш турлари ва уларни ажратиш тартибини белгилайди.

Низомга кўра, жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш турлари белгиланган:

  • Ҳар йили 500 та маҳаллада амалга оширилган энг намунали ва инновацион лойиҳалар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.
  • Уста деҳқонлар томонидан ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув курслари билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида ҳар бир курс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача субсидия ажратилади.
  • Маҳалланинг 50 фоиз хонадонларида томорқада экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган уста деҳқонларга 100 миллион сўмгача субсидия берилади.

Ҳудудий меҳнат органи томонидан маҳаллада ўтказилган хатлов натижалари асосида аниқланган уста деҳқонлар билан маҳалланинг 50 фоиз хонадонларида экспортбоп маҳсулот етиштиришни ташкил этиш масаласи ўрганилади.

Вазирлик томонидан ўн иш куни мобайнида таклифлар кўриб чиқилади ва талабларга жавоб берадиган уста деҳқонлар танлаб олинади.

Сўнгра, ҳудудий меҳнат органи бир иш куни давомида субсидия маблағларини «Онлайн маҳалла» электрон платформаси орқали уста деҳқонларнинг банк карталарига ўтказиб беради.