Орол денгизи қуриган тубида шўрланишга чидамли ва экологик тикланишга хизмат қилувчи ўсимлик турлари устида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу ишлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида, профессор Зиновий Новитский раҳбарлигида амалга оширилмоқда.
Тадқиқотлар натижасига кўра, арундо донах (гигант қамиш) Орол тубидаги юқори шўрланган ва қийин экологияга эга шароитларда яшовчанлик қобилиятини намоён этган. Табиатан намликсевар бўлса-да, у шўр муҳитга мослашиш, чуқур илдиз отиш ва тупроқ қатламини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Унинг илдизлари 2 метргача чуқурлашгани ва горизонтал равишда ҳам кенг ёйилаётгани аниқланган.
Шунингдек, ушбу ўсимликни самарали кўпайтириш учун махсус кўчат етиштириш технологияси ишлаб чиқилган. Унда она ўсимликдан 1 метр чуқурликда жойлашган илдиз куртаклари ажратиб олиниб, шўр муҳитда мослашган навлар асосида кўчатлар тайёрланмоқда. Тажриба натижаларига кўра, бу усул билан экилган ўсимликларнинг яшаб қолиш даражаси 90 фоиздан ошиб кетган.
Бу синовлар Оролбўйи минтақасидаги экологик тикланиш жараёнларига илмий асос яратади. Ҳозирги кунга қадар 2 миллион гектар майдонда яшил қоплама яратилган бўлса, келгусида яна 100 минг гектар майдонда «яшил майдон» барпо этиш ҳамда ўрмонзорлар майдонини 2,1 миллион гектарга етказиш режалаштирилмоқда.