Фоторадарлар, белгилар ва тўхташ қоидалари қайта кўриб чиқилди

Президентимизнинг топшириғига асосан, аҳоли таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, ҳайдовчиларга қулайлик яратиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, йўл ҳаракати билан боғлиқ қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилади:

🔹 1 июндан бошлаб, йўл чизиқларини босиш каби қоидабузарликлар махсус фото ва видеокамералар орқали автоматик тарзда қайд этилмайди. Фақат тўхташ чизиғи («стоп-линия») бундан мустасно. Аммо ЙПХ ходими томонидан қоидабузарлик аниқланса, расмийлаштирилади.

🔹 Шаҳарларда йўл таъмири ва чизиқ чизиш ишлари кундузи (07:00–21:00) пайтида эмас, балки фақат тунги вақтда амалга оширилади. Бу тирбандликларни олдини олишга хизмат қилади.

🔹 1 сентябрдан бошлаб ҳар қандай радар жойлаштирилган ҳудудда ва унгача 250–500 метр оралиғида “Радар” белгиси ўрнатилиши мажбурий бўлади.

🔹 Қарор имзоланган пайтдан бошлаб 23:00 дан 06:00 гача автобуслар учун мўлжалланган “А” тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.

🔹 “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” белгилар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Заруратсиз ўрнатилганлари олиб ташланади, белгиланган вақтдан ташқари пайтда тўхташга рухсат берилади.

🔹 Темир йўл кесишмаларида ҳаракат бўлмаса ҳам тўхташ мажбурияти туфайли юзага келаётган тирбандликлар олдини олиш мақсадида “Стоп” белгилари светофорларга алмаштирилади.

🔹 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари хатловдан ўтказилади. Қонунга зид ўрнатилганлари олиб ташланади.

🔹 Тезликни ошириш ҳолатлари кўп кузатилаётган жойларда тезликни кўрсатувчи электрон таблолар ўрнатилади.

🔹 Ҳайдовчиларга нисбатан айрим енгил қоидабузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жорий этилади. Бу огоҳлантириш фақат бир йилда бир марта берилиши мумкин.