Навоийда олтин қумларини яширган завод ходимлари ушланди

«Навоий кон-металлургия комбинати» заводида олтин қумларини ўзлаштириш мақсадида яширган ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Маълум бўлишича, заводнинг Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-сонли Гидрометаллургия заводида фаолият юритувчи 2 нафар смена устаси ва 1 нафар бўлинма аппаратчиси осон бойлик ортириш ниятида  ўзаро олдиндан тил бириктиради. Улар келгусида талон-торож қилиш мақсадида таркибида кўп миқдорда олтин моддаси мавжуд бўлган оғирлиги 2 кг ярим тайёр маҳсулотни завод ичидаги ҳаво тозалаш қувурига яшириб қўйишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «олтин илинжи»даги ушбу шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига нуқта қўйилди.

Тегишли хулосага кўра, мазкур ярим тайёр маҳсулот таркибида жами 1 кг 523 грамм соф олтин борлиги аниқланиб, унинг баҳоси 2 млрд 102 млн сўмни ташкил этади.

Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25, 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.