Ўзбекистонда “MINEX Central Asia 2025” халқаро форуми ўтказилади

2025 йилнинг 24-26 июнь кунлари Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) мезбонлигида “MINEX Central Asia 2025” форуми бўлиб ўтади. Ушбу тадбир Марказий Осиёда технологик ва нодир металларга бўлган талабнинг ошиб бораётган даврида ўтказилади.

Форумда Марказий Осиёдан ташқари Европа, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Канада каби мамлакатлардан кўплаб мутахассислар ва компаниялар иштирок этади. Улар барқарор ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, рақамлаштириш ва инвестициялар масалаларини муҳокама қилади.

Ушбу форум орқали Ўзбекистон ўзининг бой табиий ресурслари ва технология салоҳиятини халқаро майдонга тақдим этишни мақсад қилган. Шунингдек, минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги инвестицияларни жалб қилиш учун муҳим имконият яратилади.

«MINEX Central Asia 2025» доирасида қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

🔘Нодир металлар бўйича ишлаб чиқаришдан то қайта ишлашгача бўлган барқарор таъминот занжирларини яратиш;
🔘 Минтақавий стратегик шериклик ва сармоявий ишонч муҳитини шакллантириш;
🔘 ESG стандартлари ва барқарор кончилик амалиёти;
🔘 Қайта ишлаш, рақамлаштириш ва инновациялар;
🔘 Илмий ҳамкорлик ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш;
🔘 Глобал таъминот занжирларига интеграция ва ташқи инвесторлар иштирокидаги юқори технологик лойиҳаларни тарғиб қилиш.