Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги 20 йилда дунё бўйича тамаки истеъмоли қарийб учдан бир қисмга қисқарган. Бошқача айтганда, бу давр ичида чекувчилар сони 300 миллион нафарга камайди.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг қайд этишича, бу — 20 йил аввал кучга кирган Тамакига қарши курашиш бўйича ҳадли конвенция самараси.
Шунга қарамай, пасайиш тенденцияси хотиржамлик учун асос бўла олмайди. Чунки тамаки ҳануз дунё бўйлаб олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларининг асосий омили бўлиб қолмоқда. Яъни ушбу иллат оқибатида йилига 8,7 миллион одам ҳаётдан кўз юмаётгани ачинарли.
Қолаверса, тамаки тутуни пассив чекувчилар, яъни ён-атрофдаги инсонлар ҳаётини ҳам заҳарламоқда. Худди шу омил йилига 1,2 миллион нафардан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўляпти.
ЖССТнинг қатъий хулосасига кўра, қайси турда ва қанча дозада бўлмасин, тамаки истеъмоли соғлиқ учун зарарли!
Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, ЖССТ барча аъзо давлатларни тамаки маҳсулотлари истеъмоли, ишлаб чиқарилиши, реализация ва тарғиботини қатъий тартибга солишга чақирди.