Хан Тае Суннинг қизи ҳақидаги хотиралари 1975 йилнинг май ойида содир бўлган нохуш ҳодисадан кейин Сеулдаги уйида қолдирган.
Ўшанда бозорга кетаётгандим ва қизим Кюнг-хадан мен билан кетишини сўрадим. Аммо у менга дўстлари билан ўйнашини айтиб, қолишни истади. Мен қайтганимда эса, у йўқ эди- дейди Хан хоним.

Хан хоним 40 йилдан кўпроқ вақт давомида қизини тополмади. Улар қайта кўришганларида, қизи Кюнг-ха эмас, Лори Бендер исмли ўрта ёшли америкалик аёлга айланиб улгурганди.
Кюнг-ха уйи яқинида ўғирлаб кетилгач, болалар уйига олиб кетилган, сўнгра ноқонуний равишда бошқа оила тарбиялаши учун АҚШга юборилган, дейди Хан хоним.
Эндиликда аёл Жанубий Корея ҳукуматини қизини асраб олишганда тўсқинлик қилмагани учун судга бермоқчи. У сўнгги йилларда мамлакатнинг халқаро бола асраб олиш дастурида фирибгарлик, ноқонуний фарзанд асраб олиш, одам ўғирлаш ва одам савдоси каби даҳшатли айбловлар билан чиққан юзлаб инсонларнинг бири ҳисобланади.
Болаларни асраб олишлари учун чет элга юбориш дастури Жанубий Кореядан бошқа ҳеч қайси давлатда мавжуд эмас. Дастур 1950 йилларда бошланганидан буён 170-200 мингга яқин бола хорижда асраб олинган, уларнинг аксариятини Ғарбда боқиб олинган.

Март ойида ўтказилган сўровномалар натижаси шуни кўрсатдики, ҳукумат назоратсизлиги туфайли инсон ҳуқуқлари бузилган, бу эса хусусий агентликларга фойда олиш учун болаларни » оммавий экспорт қилиш » имконини яратган.
Хан хоним ҳукуматдан асраб олинган боланинг биологик онаси сифатида товон пули талаб қилаётган икки ҳолатдан бири бўлса, АҚШда асраб олинган эркак 2019-йилда судга мурожаат қилган яна бир жабрланувчи ҳисобланади.
Ҳукумат вакилининг ББCга айтишича » узоқ вақт давомида бир-бирини топа олмаган инсонлар ва уларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдиради «. Хан хонимнинг ишини эса «чуқур афсус билан » кўриб чиқиб, суд жараёни натижаларига кўра «зарурий чоралар » кўрилишини таъкидлаган.
» 44 йил мобайнида танам ва онгим қизимни излаш билан вақт ўтказди. Лекин шу давр ичида ҳеч ким мендан кечирим сўрадими? Ҳеч ким, бир марта бўлса ҳам.
Ўнлаб йиллар давомида у турмуш ўртоғи билан биргаликда полиция бўлимлари ва меҳрибонлик уйларига боришди, қидирув варақалари тарқатишди ва телевидение орқали эълон беришди. Хан хонимнинг айтишича, у кун бўйи кўчада » оёқ тирноғларининг 10 таси тушиб кетгунча » қизини излаган.
1990 йилда телевидение мурожаатларидан биридан сўнг, Хан хоним Кюнг-ҳа бўлиши эҳтимоли бор деб ўйлаган бир аёл билан учрашади. Ҳатто у билан бир муддат оилавий яшашади. Аммо аёл охир-оқибат унинг қизи эмаслигини тан олади.
Ниҳоят, 2019 йилда Хан хоним хориждаги корейс асраб олувчилар ДНКсини мослаштириш орқали биологик ота-оналарни топувчи 325 Камра гуруҳига мурожаатидан сўнг хушхабар олди. Улар Сеул аэропортида учрашишди. Онаси қизининг сочларини силаб у фарзанди эканига ишончи комил бўлди.
«Мен 30 йилдан бери сартарошлик билан шуғулланаман. Бу қизим эканлигини унинг сочларидан аниқлай оламан. «, — дейди у.
Аёлнинг қизига айтган биринчи гапи » Мени кечир» бўлди.
Воқеа аслида шундай бўлганди: уйи ёнида ўйнаб юрган 6 ёшли қизалоқнинг ёнига нотаниш аёл келиб, онасини танишини, у энди онасига » керак эмас» лигини айтиб, темир йўл станциясига олиб кетади.
Сўнг, Кюнг-ха охирги бекатда ташлаб кетилади ва полиция ходимлари томонидан болалар уйига жойлаштирилган. Кўп ўтмай, у АҚШга юборилади ва Виржиниядаги эр-хотин томонидан асраб олинган.
Йиллар ўтиб, аниқ бўлдики, унга ота-онаси номаълум бўлган ташландиқ, етим эканлиги ҳақида сохта ҳужжат берилган.
Эндиликда, улар нафақат дунёнинг қарама-қарши томонларида яшайдилар, балки қизи корейс тилини унутган, Хан хоним эса инглиз тилини жуда кам билади.
«Менинг бутун ҳаётим вайрон бўлди … ҳеч қандай пул йўқотган нарсамнинг ўрнини тўлдира олмайди»- дейди она.