Ахборот асрида китоб ўқимаган, билим манбаларидан йироқ бола «замонавий қул»га айланиб қолиши муқаррар. Бироқ, афсуски, бугунги кунда мактаб кутубхоналарида етарли адабиёт йўқ, кўплаб ота-оналар фарзандига китоб сотиб олишни лозим топмайди. Газета ва журналларга обуна анъанаси эса деярли йўқолган. Бундай шароитда болаларнинг ижтимоий тармоқларга берилгани билимга чанқоқликни камайтирмоқда.
Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов бу борада жиддий ташаббусни илгари сурди – «Ҳар мактабга 100 китоб». Бу лойиҳа доирасида таниқли ёзувчи ва олимлар, санъаткор ва журналистлар иштирокида адабий кечалар, маърифий учрашувлар ўтказилмоқда.
Журналист ва Зулфия мукофоти совриндори Олима Тожибоева, бир гуруҳ ижодкорлар билан туманнинг чекка ҳудудларидаги 31-, 39-, 44- ва 46-мактабларга китоблар туҳфа қилинди. Ҳатто жазирамали кунда 120 км йўл босиб, ҳар бир мактабда шодона кечалар, самимий мулоқотлар ташкил этилди.
Туманда катта ўзгаришлар кузатилмоқда: Сирдарё бўйлаб икки қисмга ажралиб қолган ҳудудларни боғловчи кўприк қурилмоқда, янги иш ўринлари яратилаётган йирик саноат мажмуалари барпо этиляпти. Ташриф чоғида аҳолининг кўп йиллик муаммолари ечилаётгани, халқ ва ҳокимият ўртасида очиқ мулоқот йўлга қўйилгани ҳам яққол сезилди.
Тумандаги 62 мактабни йил охиригача қамраб олиш, “Янги Бекобод” газетасини рангли шаклда чоп этиш, мактабларни марказий нашрларга обуна қилиш, маҳаллий ёзувчилар асарларини чоп этиш каби режалар эса алоҳида эътирофга лойиқ.
Бу ташаббуслар нафақат китобга муҳаббат уйғотмоқда, балки таълимда сифат ва маърифатни кучайтиришга қаратилган мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
Ёшлар қўлида смартфон эмас, китоб бўлсин!
