Давлат идораларининг автомобиль харидлари: хизматми ёки ҳашамат?

Давлат идоралари томонидан хизмат автомобиллари хариди Ўзбекистонда долзарб ва қизғин баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Айниқса, жамоатчилик назорати кучайиб, бюджет харажатлари бўйича ҳисобдорлик талаби ортган бир даврда, ушбу материал амалдорлар учун автомобиль сотиб олиш – ҳақиқий эҳтиёжми ёки бюджет ҳисобидан қилинаётган ҳашамат эканлиги масаласини кўриб чиқади.

Биз Xarid.uzex.uz порталидаги “Электрон дўкон” бўлимидаги 2022 йилдан 2025 йил апрел ойигача бўлган маълумотлар асосида бюджет ташкилотлари ва давлат улуши бор корхоналарнинг хизмат автомобиллари харидини таҳлил қилдик.

Хизмат автомобиллари: қонун бор, харажатлар эса ортмоқда

COVID-19 пандемияси даврида ҳукуматнинг бюджетни тежаш чақириқларига қарамай, айрим давлат идораларининг қиммат автомобиллар сотиб олиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Танқидлардан сўнг, 2021 йил апрелида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ижро ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимликлар учун хизмат автомобиллари нархига лавозим ва идоралар категориясига қараб аниқ чегаралар белгиланди. Бироқ мудофаа, ички ишлар, божхона ва ФВВ каби органлар учун бу чекловлар татбиқ этилмаслиги истисно сифатида қолдирилди. Шунингдек, қонунга илова қилинган жадвалда фақат ижро ҳокимияти органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларни кўриш мумкин, қонун чиқарувчи ва суд-ҳуқуқ соҳаси органлар (Олий Мажлис, Сенат, Қонунчилик палатаси, Конституциявий ва Олий судлар, прокуратура) унда келтирилмаган.

Давлат харидлари бўйича мутахассис Камол Ниёзовнинг таҳлилларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда давлат харидларининг 46.3% и (115,2 трлн сўм) рақобатсиз амалга оширилган. Бунда “Электрон дўкон” (17,4 трлн сўм) орқали амалга оширилган умумий харидлар “Тўғридан-тўғри шартномалар” (70,7 трлн сўм) ёки “Ягона етказиб берувчи билан” (44,5 трлн сўм) тузилган шартномаларга нисбатан бир неча баробар кам. Бу ҳолат автомобиль харидларини таҳлил қилишда муҳим, чунки хизмат автомобиллари тўғридан-тўғри харид усули орқали ҳам олинади. “Электрон дўкон”ни таҳлил қилар эканмиз, 2022 йилдан 2025 йилнинг 1-чорагигача бўлган даврда бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан амалга оширилган 370 дан ортиқ енгил автомобиль харидларини аниқладик:

Президент қарори билан мақсадли кўрсаткичлар белгиланган:

2023 йил: 806 та автомобиль учун 269 млрд сўм;
2024 йил: 1281 та автомобиль учун 454.6 млрд сўм;
2025 йил: 1776 та автомобиль учун 593.4 млрд сўм.

Енгил автомобилларга энг кўп маблағ сарфлаган давлат идоралари

Енгил автомобилларга энг кўп маблағ сарфлаган идоралар “Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси” ДМ, Бандлик вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бўлиб, ТОП-10 даги ҳар бир бюджет ташкилоти ушбу харидлар учун бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратган.

Хизмат автомобиллари учун энг кўп шартномалар BYD дилерлари билан тузилмоқда

“ROODELL”, “CHINA GROUP” МЧЖлар ва “UzAuto Motors” АЖдан ташқари қолган ТОП-7 МЧЖнинг барчаси BYD автомобил брендининг Ўзбекистондаги дилерлари ҳисобланади.

Энг кўп харид қилинган ТОП-10 автомобиль

“Электрон дўкон”да хизмат автомобиллари харидининг асосий қисмини BYD бренди моделлари ташкил этади. Айниқса, BYD Song Plus DM-i, BYD Chazor ва BYD Song Plus EV Champion моделлари энг кўп харид қилинмоқда. Бу автомобиллар асосан Президент қарорида кўзда тутилган гибрид ва электр русумли транспорт воситаларидир.

Хизматми ёки ҳашамат?

Рейтингда, шунингдек, GWM Wingle 7 пикапи, Chevrolet Monza седани ва JAC M3 минивени каби бошқа турдаги автомобиллар ҳам мавжуд. Харид қилинган автомобиллар орасида оддий седандан тортиб пикап ва минивенгача бўлган моделларнинг учраши давлат идораларининг эҳтиёжлари қанчалик ранг-баранг эканини кўрсатади. Шу билан бирга давлат харидларида қандай мезонлар асос бўлаётгани ҳақида саволлар туғдиради.

“Миллий” дегани “қимматбаҳо машина олишга рухсат” деганими?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 25 декабрдаги бюджет тўғрисидаги қарори ва 5 мартдаги йиғилишида давлат идораларига бюджет маблағларини тежаш мақсадида хизмат автомобиллари харидини, айниқса, қўшимча манбалар ҳисоби ва тўғридан-тўғри шартномалар орқали амалга ошириладиган қиммат харидларни қисқартириш, миллий автомобилларга ўтиш зарурлиги таъкидланган. Бу чораларнинг асосий мақсади давлат бюджети маблағларини ижтимоий соҳаларга йўналтириш бўлса-да, баъзан “миллий маҳсулотга ўтиш” ниқоби остида қимматбаҳо харидлар давом этмоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлиги қарийб 1,7 трлн сўмлик бюджет тақчиллигига (шундан 900 млрд сўми республика бюджетидан қопланган) қарамай, қимматбаҳо автомобиллар харид қилмоқда. Масалан, 2025 йил 18 мартда ҳокимлик 657 млн сўмдан ортиқроқ қийматдаги “Chevrolet Traverse” автомобили учун тўғридан-тўғри шартнома тузган. Шунингдек, “Ўзавтосаноат” АЖдан хизмат транспорти сифатида нархи 1,1 млрд сўмдан бошланадиган “Chevrolet Tahoe” ажратилишини сўраб хат юборган.

Бу харидлар гўёки президентнинг “миллий автомобилларга ўтиш” ҳақидаги топшириғи билан асосланмоқда. Аммо “Traverse” ҳам, “Tahoe” ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Қолаверса, “Tahoe”нинг нархи вилоят ҳокимликлари учун белгиланган лимитдан (750 млн сўм) анча юқори. Вилоят бюджетида 2025-йилда ҳам 1,1 трлн сўм тақчиллик кутилётган бир пайтда бундай қиммат харидлар қанчалик ўринли?

Сенат раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳам шу йилнинг 5-мартидаги президент ўтказган йиғилишидан сўнг “Chevrolet Tahoe” моделига ўтган. Нашрлар ҳам вилоят ҳокимларини “Chevrolet Tahoe” ёки “Traverse” моделларидан хизмат автомобили сифатида фойдаланаётгани ҳақида ёзмоқда. Бундай ёндашув ҳашаматни камайтириш ва маблағларни тежаш борасидаги аслий мақсадга (агар мақсад шу бўлса) зид келиб, “миллий” деган ном остида қимматбаҳо харидларни оқлашга уринишдек таъссурот қолдирмоқда. Натижада, тежамкорликка эришиш ўрнига, шунчаки бир турдаги қимматбаҳо автомобиллар бошқасига алмаштирилмоқда, бюджет маблағларининг самарасиз сарфланиши эса давом этяпти.

Муаллифлар: Закариё Шокаримов, Мафтуна Бахтиёрова
Дата-мухаррир: Савия Ҳасанова