Нигерияда ёмғир ва тошқинлар сабабли 11 киши ҳалок бўлди

Нигер штатидаги Моква савдо шаҳарчасида рўй берган кучли ёмғир ва сув тошқинлари туфайли 111 киши вафот этди. Бу ҳақда AP хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича маҳаллий бошқарма раҳбари Исаҳ Ҳуссеини берган маълумотга кўра, ҳозирда ҳудудда қутқарув ишлари давом этмоқда.

Қайд қилинишича, дастлаб, 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Бироқ воқеа кўлами кенгайгани саин қурбонлар сони ҳам ортмоқда.

Маҳаллий ахборот воситалари ёмғир бир неча соат давом этгани, шунингдек, яқин атрофдаги тўғон қулаб тушгани оқибатида тошқин янада кучайганини маълум қилмоқда. Табиий офат оқибатида инфратузилмага жиддий зарар етган, 50 дан ортиқ уй-жой сув остида қолган.