Ўзбекистон Ҳукумати 2025 йил 18 июнь куни “Яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 371-сонли қарорни қабул қилди.
Қарорга мувофиқ, давлат харидлари жараёнида атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли ёндашувни таъминлаш мақсадида «яшил» харидлар тизими жорий этилади. Ушбу тизим асосида 2030 йилгача барча давлат харидларининг камида 30 фоизини “яшил” харидлар ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
2026 йил 1 январдан бошлаб эса харид жараёнларида экологик мезонлар мажбурий тартибда тендер ҳужжатларига киритилади. Шу билан бирга, экологик маркировка учун берилган ҳужжатлар асосида иштирокчиларга қўшимча 5 фоиз балл берилади. Бироқ, экологик талабларга мос келмаслик иштирокчини тендердан четлатиш учун асос бўлмайди.
Давлат ташкилотлари 2026 йилда ўз харидларининг камида 15 фоизини “яшил” тарзда амалга ошириши ва бу кўрсаткични ҳар йили 5 фоизга ошириб бориши белгиланган.