Хитойнинг жанубида кучли тошқин: 70 минг нафар киши эвакуация қилинди, жабрланувчилар бор

2025 йил 19 июнь куни Хитойнинг жанубий ҳудудларида содир бўлган кучли ёмғирлар туфайли Гуандун вилоятидаги Сунцзян дарёси тошди. Оқибатда 70 000 нафар аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди, кўплаб тураржойлар ва кўчалар сув остида қолди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари уйлари сув босганини, ичимлик суви ҳамда озиқ-овқат етишмаётганини маълум қилмоқда.

«Қариндошларим пастликдаги ҳудудда яшайди, уларнинг уйларини сув босди. Озиқ-овқат ва тоза сув етишмаслиги жуда оғир ҳолатга солди», — дейди Чжу исмли маҳаллий аёл.

Ҳукумат маълумотларига кўра, 15 киши турли даражада тан жароҳати олган. Қутқарув ишлари давом этмоқда, махсус солларда фуқароларга озиқ-овқат ва ёрдам воситалари етказилмоқда.

Фавқулодда вазият муносабати билан Хитойнинг Табиий офатлар оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш бўйича миллий комиссияси томонидан фавқулодда режим жорий этилди.

Ҳозирча табиий офат қанча моддий зарар келтиргани аниқ эмас. Қутқарув хизмати мутахассислари об-ҳаво шароити янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.