Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳридаги технология компаниясида ишловчи Амит исмли ходим бошлиғининг «руҳий қийноқлари»дан сўнг касалхонага ётқизилди. У эндигина фаолиятини бошлаган ташкилотга кичик маълумотларни қайта ишлаш мутахассиси лавозимига ишга кирган, бироқ атиги етти ой ишлай олди.
Амитнинг сўзларига кўра, компаниянинг бош директори малакасиз ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи шахс бўлган. У техник маълумотга эга бўлмай туриб, кўпинча бажарилиши имконсиз муддатларни белгилаб, лойиҳа талабларини ўз хоҳишича ўзгартираверган.
Ёш йигит етти ой давомида кунига 12-14 соатдан ишлаган. У дам олиш кунлари ҳам тиним билмаган, лекин ҳеч қачон эътироф ёки қўллаб-қувватлаш сўзларини эшитмаган. Раҳбарият доимо унинг натижаларини танқид қилган.
Амит учун охирги нуқта бошлиғи билан ўтказилган видеоконференция бўлди, унда бошлиқ бутун вақт бақириб-чақирган. Ходимда шунчалик кучли асаб бузилиши содир бўлдики, у ҳушидан кетди. Унинг сўзларига кўра, кўкраги сиқилиб, креслога қулаган. Қариндошлари тез ёрдам чақириб, уни касалхонага етказишган. Шундан сўнг йигит компаниядан ишдан кетган.
Жабрланувчи ўз тарихини ижтимоий тармоқларда бўлишди ва кўплаб муносабатларга эга бўлди. Фойдаланувчилар унга дам олишни ва қулайроқ иш жойи топишни маслаҳат беришган, деб хабар беради Times of India нашри.