АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарба берганини маълум қилди. New York Times нашрининг хабар беришича, Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги объектлар ҳужумга учраган.
Бу маълумотни Эрон ҳам тасдиқлади. Эрон давлат телевидениесининг сиёсий директор ўринбосари Ҳасан Абедини жонли эфирда чиқиш қилиб, америкаликлар зарба берган учта ядровий объектдагилар аллақачон эвакуация қилинганини маълум қилди, деб хабар беради Би-Би-Сининг Форс хизмати.
Бу чиқиш Теҳроннинг АҚШ томонидан ядровий объектларига уюштирилган бомбардимонларга берган биринчи расмий муносабати бўлди. Абедини шунингдек, Эрон жиддий зарар кўрмаганини, чунки барча техникалар объектлардан олиб чиқиб кетилганлигини қўшимча қилди.
Пентагон маълумотларига кўра, АҚШ Эроннинг Фордодаги ядровий объектига зарба бериш учун бир нечта B-2 бомбардимончи самолётларидан фойдаланган. Бу самолётлар бундан аввал Югославияга, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий операцияларда, Ливия ва Ямандаги ҳужумларда ҳам қўлланилган.