19–21 июн кунлари Ўзбекистон пойтахти яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Минтақада илк бор ўтказилаётган бу кенг кўламли тадбир 30 дан ортиқ давлатларни бирлаштириб, кўргазма майдонини илғор амалиётлар билан ўртоқлашиш, конструктив мулоқот олиб бориш ва “яшил” трансформацияни илгари суриш бўйича етакчи платформага айлантирди. Уч кун давомида меҳмонларни бой дастур: халқаро экспертлар иштирокидаги пленар ва панел муҳокамалари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари, яшил энергия, экотуризм, барқарор шаҳарлар, рақамли технологиялар ва иқлимни молиялаштириш бўйича тематик сессиялар, маҳорат дарслари, фотокўргазмалар, маданий тадбирлар ва стартап танлови кутмоқда. 35 дан ортиқ ёндош тадбирлар, истиқболли лойиҳалар тақдимоти ва экологик дастурлар бўйича шартномалар имзоланиши режалаштирилган эди.
Ўзбекистон «Eco Expo Central Asia 2025» да келажак экотуризмини тақдим этди. Кўргазма доирасида Туризм қўмитаси миллий анъаналар ва замонавий технологияларга эътибор қаратган ҳолда мамлакатнинг экологик туризмни ривожлантиришдаги ютуқларини акс эттирувчи стенд намоиш этилди.
Экспозиция майдони 187 квадрат метрга етиб, экологик ечимларни туризм инфратузилмасига жорий этишнинг ёрқин намунасидир. Ўзига хос меъморчилик ва табиий ранглар уйғунлигида безатилган кўргазма ташриф буюрувчиларга барқарор туризм ғоясини тўлиқ ҳис этиш имконини беради.
Марказий ҳудуд Ўзбекистон меъморий ёдгорликларидан илҳом олинган гумбазли вертикал боғ шаклида безатилган. Марказда мамлакатнинг энг гўзал эко-йўналишлари: Чорвоқ, Нурота, Угам-Чотқол ва бошқалар бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини берувчи VR-қурилма жойлашган. Унинг ёнида яшил энергетика соҳасидаги инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот берувчи сенсорли панеллар ўрнатилган.
Тадбирнинг биринчи кунида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисининг ўринбосари Бақит Асангул, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Туркманистон Табиатни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Нури Жумашов, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон Дойон, CITES конвенцияси Бош котиби Ивонн Игуро, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабина Маҳл ва бошқалар иштирок этди.
Кўргазма сунъий интеллект ва яшил энергия соҳасидаги инновациялардан тортиб, сувни тежаш ва экологик таълим бўйича ечимларгача барқарор келажак учун технологияларнинг бутун спектрини қамраб олади. Кўргазмада Франция, Корея Республикаси, Тожикистон, Россия, Туркманистон, Италия, Қозоғистон, Австрия, Швейцария, Саудия Арабистони, Германия, Қатар, Хитой, Хорватия, Сингапур, БАА, Беларусь, Бельгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония, Норвегия, Венгрия, Туркия, Грузия, Бангладеш, Миср, Латвия ва Фаластин каби давлатлар иштирок этиши Марказий Осиёнинг экологик кун тартибига халқаро миқёсда катта қизиқиш борлигини кўрсатди.
Очилиш маросимида нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов:
“Бугунги кўргазма шунчаки технологиялар намойиши эмас, балки минтақалар, тармоқлар ва давлатлар ўртасидаги ўзаро чуқур ҳамкорликнинг бошланғич нуқтасидир. Ўзбекистон Марказий Осиёда экологик технологияларни илгари суриш бўйича минтақавий платформага айланишга тайёр”, – дея таъкидлади.
Ерлан Нисанбаев “Eco Expo” кўргазмасини ўтказишнинг аҳамиятини юқори баҳолади ва кўргазма муҳим мулоқот майдони эканлигини қайд этди:
“Кўргазма дунё бўйлаб атроф-муҳитни яхшилашга ҳақиқатан ҳам таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сўнгги ютуқлар ва инновацияларни ўзида мужассам қилган ва шунинг учун ҳам барчанинг эътиборини ўзига қаратмоқда. Бу фақатгина Ўзбекистонга эмас, бутун минтақага дахлдор муаммо. Фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ҳаракат қилишимиз мумкин”, – деди у. Қозоғистон вазири, шунингдек, Ўзбекистон томонига таклиф учун миннатдорлик билдириб, тадбир юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
Уч кун давом этган халқаро кўргазмада жуда кўп қизиқарли экоинновациялар намоён этилди. Шулар жумласидан бўлган Экомобил ва Уруғли қоғоз ҳақида тўхталсак:
Экомобил
Бугунги замонавий дунёнинг энг катта муаммоларидан бири – тирбандлик. Бизни соатлаб куттиришга сабаб бўладиган тирбандликка Турин университети томонидан намойиш қилинган ихчамгина электромобил чинкам ҳалоскор бўлиши мумкин. Тирбандликда энергия исроф қилмайдиган, осонгина йўлини топиб кетадиган, тўхтаб туриш учун катта жой талаб қилмайдиган бундай автомобил одатий автомобиллар каби катта жой талаб қилмайди. Ушбу Экомобил йўлакнинг бир четига ҳам жойлашиб кетаверади.
Уруғли қоғоз

«Ҳосил» томонидан экологик тоза қадоқлаш усули ёрдамида ҳаво ифлосланишини камайтириш учун қоғозни қайта ишлаб, уруғли қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш таклиф этилмоқда. Масалан, китоб учун закладка, газета, таклифномалар, мактублар учун уруғли қоғозлардан фойдаланиш мумкин. Уруғли саҳифалар ерга кўмилганда Розмарин, Петуния, Гулбеор каби гуллар униб чиқади. Бу усул чиқиндиларни камайтириб, экологик мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Eco Expo Central Asia 2025 — бу шунчаки тадбир эмас, сайёрамиз келажаги учун фидокорона ҳаракатлар маркази, экологик онгни уйғотувчи ташаббуслар майдони бўлди.
Мафтуна Баҳтиёрова