Хоразмда ФВВ тизимининг 2 нафар ходими пора билан қўлга тушди

Тупроққалъа тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходими Хазорасп туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали уни Хоразм вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 400 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шовот тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходими ҳам ўзганинг ишончига кириб, ички ишлар органларидаги танишлари орқали унга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришини айтиб, эвазига 1400 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм олганлик ҳолати ҳужжатлаштирилди.

Ҳозирда мазкур фавқулодда вазиятлар қутқарувчиларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168, 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.