2025 йил 27 июнь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Жаҳон банки ва Буюк Британия ҳукумати ҳамкорлигида “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирнинг очилишида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков кейинги йилларда амалга оширилган муҳим ислоҳотлар натижасига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, 2024 йилда ЯИМ ҳажми 115 миллиард долларга, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 3 093 долларга, хорижий инвестициялар ҳажми қарийб 35 миллиард долларга, «Яшил энергия» улуши 16 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони 37 мингтага, қамров даражаси 76,0 фоизга, бошқарувда аёллар улуши 35 фоизга етказилиши, инфляция даражаси 9,8 фоизга туширилиши, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни тизимли ҳал этиш бўйича «Xotinqizlar.uz» ягона интерактив миллий платформаси ишга туширилиши эътироф этилган.

Жаҳон банки сўровига кўра, иш ўрни йўқотишдан хавотирланганлар улуши 33% ни ташкил этган бўлса-да, кам таъминланганлар орасида бу кўрсаткич 46% ни ташкил этмоқда.
Корхоналар ва фуқароларнинг 90% дан кўпроғи аёллар ҳам эркаклар билан тенг иш ва маош имкониятига эга деб ҳисобласа-да, раҳбарлик лавозимларига чиқиш имконияти масаласида фикрлар фарқ қилмоқда: фуқароларнинг 16% ва корхоналарнинг 38% бу имконият борлигини айтган.

Аҳоли 2025 йилги энергия тарифлари ва ижтимоий меъёрлардан хабардор, аммо компенсация чоралари ҳақида маълумоти кам. Уй хўжаликлари энергия тежайдиган қурилмаларга ўтишни режалаштирмоқда.

Доктор Амбар Нараян таъкидлашича, Ўзбекистон 2024 йилда “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ” индексида сезиларли ютуққа эришди ва ҳозирда минтақадаги бошқа давлатларга илҳом манбаи бўлиб турибди.