Президентнинг тегишли фармони билан 2025-йил 1-сентябрдан тажриба-синов тариқасида “мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрларни тайёрлаш
йўлга қўйилади.
Бунда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 250- ва 273-сонли умумтаълим мактаблари университетга бириктирилади ва университет:
•ҳар ойда 1 маротаба 7–9-синф ўқувчиларини уларнинг қизиқишлари доирасида белгиланган соҳаларга оид мавзуларни университет лабораторияларида дарсдан ташқари машғулот сифатида ўқитади;
•ўқувчиларнинг университет лабораторияларига хавфсиз бориб келишини таъминлайди.
Келтирилишича, 2025/2026-ўқув йилидан тегишли таълим дастурлари бўйича амалий машғулот ва лаборатория ишларининг камида 25 фоизи хорижий профессор, халқаро сертификатга эга профессионал мутахассислар томонидан ўтказилади.
Бандлик вазирлиги Савдо-саноат палатаси “Миллий” банк билан бирга олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади. Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари “Ҳаракатда даромад” электрон тизимини яратиб, таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.