Мирзиёев Қорабоғга боради

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифини бошлади. Ташриф давомида давлат раҳбари Баку, Хонкенди, Шуша ва Ағдам шаҳарларида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Бугун, 2 июль куни икки мамлакат етакчилари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказади, “Ўзбекистон” боғига тамал тоши қўяди ва Ўзбекистоннинг Бакудаги элчихонаси янги биносини очиб беради.

Эртага, 3 июль куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуаси билан танишади.

Ташрифга тайёргарлик доирасида саноат кооперацияси бўйича салмоқли келишувлар тўплами шакллантирилган. 

“Ташрифнинг тадбирларга бой дастури 2024 йилда иттифоқчилик мақомини олган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг мисли кўрилмаган юксак даражага чиққанини кўрсатади ҳамда икки давлат раҳбарларининг аввалги учрашувларида эришилган келишувларнинг мантиқий давомидир”, дейилади хабарда.