Екатеринбургда қўлга олинган озарбойжонликларга айблов эълон қилинди

Россия Тергов қўмитаси Екатеринбургда 27 июн куни ўтказилган рейд доирасида ҳибсга олинган шахслар – Мазаҳир Сафаров, Акиф Сафаров, Аяз Сафаров, Аҳлиман Ганжиев, Шаҳин Лалаев ва Бакир Сафаровга расмий айблов қўйилганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, терговчилар уларни Екатеринбургда 2001 йилда Юнус Пашаевни ўлдириш, 2010 йилда Феҳруз Шириновга суиқасд қилиш ва 2011 йилда Икрам Гаджиевни ўлдириш каби оғир жиноятларда айбламоқда. Ушбу жиноятлар сабаби бизнесдаги таъсир доираларини бўлишиш ва шахсий адоват билан изоҳланмоқда.

«Уларнинг беш нафарига олдиндан тил бириктириб, буюртма асосида одам ўлдириш ва суиқасд моддалари бўйича айблов қўйилган. Барча гумонланувчилар Россия фуқаролари бўлиб, улардан бири жиноят жойида кўрсатма бериб, шерикларини фош қилди», дейилади Россия Тергов қўмитаси баёнотида.