ЖССТ: Ёлғизлик инсоният учун янги глобал эпидемияга айланмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг сўнгги ҳисоботига кўра, ҳар олти кишидан бири ёлғизликдан азият чекмоқда. Бу муаммо фақат руҳий эмас, балки жисмоний саломатликка ҳам жиддий таҳдид солмоқда.

Тадқиқотлар натижаларига кўра, ёлғизлик инсон организмига салбий таъсир кўрсатиб, эрта ўлим ҳолатларини кўпайтирмоқда. Аниқланишича, ҳар соатда ер юзида тахминан 100 нафар, йил давомида эса 871 мингдан ортиқ инсон айнан ушбу муаммо туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.

ЖССТ бу ҳолатни глобал эпидемия деб эълон қилди ва унинг олдини олишни инсоният олдидаги муҳим вазифалардан бири, деб баҳоламоқда.

Айниқса, 13 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар орасида ёлғизлик даражаси юқори. Тадқиқотларга кўра, ушбу ёш тоифасидаги ҳар беш нафардан бири ўзини ёлғиз ҳис қилмоқда. Энг юқори кўрсаткичлар эса ўсмирлар гуруҳида кузатилмоқда.

Иқтисодий жиҳатдан кам таъминланган мамлакатларда ёлғизлик даражаси юқори даромадли давлатларга нисбатан икки баравар кўп. Масалан, паст даромадли мамлакатларда респондентларнинг 24 фоизи, юқори даромадлиларда эса 11 фоизи ўзини ёлғиз, деб ҳисоблайди.

ЖССТ барча мамлакатларни, жамоаларни ва фуқароларни ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга, ёлғизликка қарши курашишда фаол иштирок этишга чақирмоқда.