Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг учдан бир қисми кредитга эга.
1 июнь ҳолатига кўра, 5,18 млндан ортиқ киши мамлакат банкларида кредит расмийлаштирган. Шундан қарз олувчиларнинг 27 фоизида (1,4 млн жисмоний шахс) икки ва ундан ортиқ кредит мавжуд.
2020 йилдан бошлаб уч ва ундан ортиқ кредитга эга бўлган қарз олувчиларнинг улуши икки бараварга ошди — умумий миқдорнинг 5 фоизидан 11 фоизигача.
Регулятор маълумотларига кўра, ишлаётган ҳар учинчи ўзбекистонлик — жами 5 млн кишида камида битта банк кредити бор.
Бундан ташқари, 2 июлдан бошлаб Марказий банк синов тариқасида кредит турлари бўйича банкларнинг ўртача фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишни бошлади.
Масалан, 1 июль ҳолатига автокредитлар бўйича ўртача ставка 24,1 фоизни, микроқарзлар бўйича эса 34,9 фоизни ташкил этди. Маълумотлар Марказий банкнинг Кредит ахбороти давлат реестри базаси асосида шакллантирилади.
«Фуқаролар турли банклар таклифини осон таққослаб, ўзлари учун энг маъқулини белгилай олади. Бозордаги маълумотларнинг ноаниқлиги камаяди, шаффофлик ошади, танлов имкониятлари кенгаяди», — дея тушунтирди регулятор.
Энг арзон автокредитларни Ипотека-банк (21,1 фоиз), Orient Finance Bank (21,3 фоиз) ва Ўзмиллийбанк (23,5 фоиз) таклиф қилмоқда, энг юқори ставкалар Ҳамкорбанк (29 фоиз), Madad invest bank ва Infinbank (ҳар бири 28 фоиздан) ҳиссасига тўғри келади.
Микроқарзлар бўйича энг паст фоизлар Алоқабанк (21,4 фоиз), Infinbank (25,6 фоиз) ҳамда Ўзмиллийбанкда (25,9 v) қайд этилди. Энг қиммат микроқарзларни Apexbank (40 фоиз), TBC bank (39,1 фоиз) ва Tengebank (39 фоиз) тақдим этади.